Сурхондарёнинг Сариосий тумани аэропорти жорий йилда пойтахт Тошкент ва Термиз шаҳрига мунтазам қатновларни қайта йўлга қўяди, деб хабар беради Транспорт вазирлигидан.
5 январ куни Транспорт вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан Тошкент, Термиз ва Сариосиё йўналишида синов парвози амалга оширилгани бу жараённинг муҳим босқичи бўлди. Биринчи синов парвози Let L-410 енгил самолёти ёрдамида амалга оширилди.
Мутахассислар томонидан фуқаро авиациясига хизмат кўрсатиш мақсадида «Сариосиё» аэропортининг мавжуд инфратузилмаси ҳолати атрофлича ўрганилиб, унинг халқаро ICAO стандартларига мувофиқлиги текширилди ва турли самолётлар, жумладан, ATR-72 лайнерлари ва бошқа кичик самолётларни қабул қилиш имкониятлари баҳоланди.
«Сариосиё» аэропортининг тўлиқ ишлаши йўловчи терминали қуриб битказилганидан ва фуқаро авиацияси стандартларига жавоб берадиган зарур инфратузилма яратилганидан сўнг қайта тикланади.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 2023-йил 17-ноябр куни Сурхондарё вилоятида туризмни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда Сариосиё аэропорти транспорт инфратузилмаси фаолиятини қайта тиклаш тўғрисида фармойиш берган эди.