ТИВ Шарқий Қуддусдаги вазиятнинг кескинлашувидан хавотирда

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Шарқий Қуддусдаги вазиятнинг кескинлашувидан хавотир билдирди.

Қуддусдаги Маъбад тоғи ҳудудидаги тартибсизликлар чоғида, Исроил матбуотига кўра, 300 га яқин фаластинлик ва 21 полициячи яраланган. Ал-Ақса масжиди ҳудудида тўқнашувлар ҳамон давом этмоқда.

«Биз томонларни кескинликни кучайтирмасликка ва можарони тезроқ ҳал қилиш учун барча зарур чораларни кўришга чақирамиз», — дейилади Ўзбекистон ТИВ баёнотида.

Баёнотда Фаластин-Исроил муаммосини ҳал қилиш халқаро ҳуқуқ нормалари асосида, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг аввалроқ қабул қилинган резолюциялари ва «икки халқ учун икки давлат» тамойили асосида амалга оширилиши зарурлиги таъкидланади.

Ташқи ишлар вазирлиги томонларни ихтилофни диалог ва дипломатия йўли билан ҳал қилиш учун ўзини тутиб, сиёсий ирода кўрсатишга чақирди.