Тошкент давлат техника университети вакиллари Швецияда малака ошириш курсларидан ўтмоқда

Тошкент давлат техника университетининг Олмалиқ шаҳридаги филиали вакиллари – директорнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари Д.Холиқулов, Кимёвий технологиялар кафедраси мудири С.Пармоновлар Швецияда малака ошириш курсларида ўтмоқда. Стокголм университети, Қироллик техника университети ва Албано илмий-таълим мажмуаси иштирокида амалга оширилган дастур Швеция университетларининг илғор тажрибаларига асосланган. У иштирокчиларга интеграциялашган лойиҳа таълими методологиясини чуқур ўрганиш, муваффақиятли амалга оширишнинг асосий йўналишларини аниқлаш, шунингдек, талабалар билимини баҳолаш ва қўллаб-қувватлашнинг амалий усулларини ўзлаштириш имкониятини беради.

Дастурдан кўзланган асосий мақсад илғор таълим технологияларини жорий этишга кўмаклашиш, замонавий талабларга жавоб берадиган таълим сифатини ривожлантириш, улардан долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал этишда фойдаланишдан иборат. Бундан ташқари, дастур иштирокчилар ўртасида билим ва тажриба алмашиш учун платформа яратишга қаратилган.

2014 йилда Белгия Таълим Кенгаши ташкил этилди, у таълим муассасаларини модернизация қилиш ва ўқитувчиларнинг малакасини оширишни фаол қўллаб-қувватлайди. Ушбу кенгаш ҳомийлигида дунёнинг 50 дан ортиқ таълим муассасалари халқаро академик ҳамжамиятга бирлашган. У таълим дастурларини ишлаб чиқиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва интерфаол, натижага йўналтирилган ўқитиш усулларини жорий этишга кўмаклашади.