Тошкент метрополитени ходимларининг иш ҳақи 1 январдан оширилади

Тошкент шаҳрида ДУК раҳбари 2022-йил 1-январдан метрополитен ходимларининг иш ҳақини ошириш тўғрисидаги буйруқни имзолади.

Бу ҳақда “Тошкент метрополитени” давлат унитар корхонаси раҳбари Раҳмонбек Усмонов хабар бермоқда. Қўшимча рағбатлантириш тўловлари жорий этилиши ҳисобига иш ҳақи оширилади.

Мазкур қарор метрополитен фаолияти самарадорлигини ошириш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда ходимларнинг масъулиятини кучайтириш, сифатли хизмат кўрсатиш, шунингдек, ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган.

Шу билан бирга, 2022-йил феврал ойида “Тошкент метрополитени”да раҳбар ва муҳандислар ҳамда ходимларнинг билим ва малакасини синовдан ўтказиш учун аттестациядан ўтказилади. Бу малакали ва тажрибали кадрлар тайёрлаш тизимини жорий этиш учун зарур.