Тошкент суди 12 дона iPhone 14 PRO Мах смартфонини давлат фойдасига мусодара қилди

Тошкент аэропортида Дубайдан олиб келинган iPhone 14 PRO Мах смартфонини ноқонуний йўллар билан мамлакатимизга олиб киришга уринган йўловчилар аниқланди.

ИИВ Транспорт ва туризм обектларида хавфсизликни таъминлаш бошқармасидан UzNews.uz га маълум қилинишича, жорий йилнинг октябр ойида Дубай-Тошкент рейси йўловчилари З.Ж., Э.А. ва М.К.12 дона декларацияланмаган iPhone 14 PRO Мах смартфонларини республикага олиб киришга уринган.

Сергели туман судининг ҳукмига кўра, уч нафар фуқаро Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 227-22-моддасида (Товарларни декларация қилмаслик ёки сохта декларация қилиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилди. Икки нафар ҳуқуқбузарга 1 БРФ (300 000 сўм), улардан бирига 5 БРФ (1,5 миллион сўм) миқдорида жарима солинди. Умумий қиймати 197,5 миллион сўмлик 12 дона iPhone 14 PRO Мах мобил алоқа воситалари давлат фойдасига олиб қўйилди.