Тошкентда биометрик маълумотлар асосида юзни таниш тизими жорий этилади

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 69-сессиясида ИИВ Киберхавфсизлик маркази ходими Шавкат Файзиев биометрик маълумотлар асосида юзни таниб олиш ва назорат қилиш тизимини яратиш лойиҳаси консепсияси ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, мазкур тизим аҳоли саломатлиги ва жамоат тартибини муҳофаза қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини, шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масалаларида катта аҳамиятга эга.

Шу мақсадда Тошкент шаҳрида биометрик маълумотлар асосида юзни таниб олиш ва назорат қилишнинг яхлит тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.

“Бунинг натижасида жамиятдаги кўплаб муаммолар ҳал бўлади. Хусусан, илғор технологиялар асосида фуқаролар хавфсизлиги таъминланади, ижтимоий соҳа объектлари ва жамоат жойларида назорат ва тезкор ахборот тизими такомиллаштирилади. Биометрик маълумотлар базаларига асосланган назорат механизми жорий этилса, инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимояси таъминланади», — деди Шавкат Файзиев.

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, ушбу тизим вирусли ва юқумли касалликлар тарқалиши, тартибсизликлар, жиноятчилик ва терроризм каби хавф-хатарларнинг олдини олишга ёрдам беради.