Трикотаж ишлаб чиқариш бўйича янги корхона ишга туширилди

Мустақиллик байрами арафасида Андижон вилояти Олтинкўл туманида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган янги корхона фойдаланишга топширилди.

Қашқар маҳалласида қурилган «Яхши Ният Текстиль» масъулияти чекланган жамияти трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаради. Йиллик 3,5 миллион дона маҳсулот экспорт режалаштирилган.

Корхона Г. Усмонов томонидан уч миллиард сўмлик лойиҳа доирасида туман ҳокимлиги томонидан ажратилган майдонда қисқа вақт ичида барпо этилди. Чет элдан олиб келинган замонавий тикув машиналари ва бошқа ускуналар ўрнатилди. Келажакда тўқув сехи ва тайёр маҳсулотлар омбори очилади.

Минтақавий инвестиция дастурига кўра, жорий йилда вилоятимизда 260 миллиард 558 миллион сўмлик 47 лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган, — дейди Олтинкўл вилояти ҳокими Назиржон Ўринбоев. 94 миллиард 999 миллион сўмлик 13 лойиҳани ишга туширдик. 729 та янги иш ўринлари яратилди. Балиқ этиштириш билан шуғулланадиган «Балиқчилик Саноати» ва фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Био Стандард» хусусий корхоналари ўз фаолиятини бошлади.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш натижасида саноат корхоналари сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Агар уч йил олдин 884 та корхона мавжуд бўлса, ҳозирда уларнинг сони 1297 тага этди. Янги ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлашга қаратилган ишлар давом этмоқда.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов янги корхонанинг очилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда иштирок этди.