Ўзбекистон бизнеснинг статистик ва солиқ ҳисоботларини қисқартирмоқчи

СОВАЗ порталида тадбиркорларнинг бизнес жараёнларида электрон ҳужжат айланишини такомиллаштиришга бағишланган Президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа жисмоний шахсларнинг 2022-йил 1-январдан кейин ҳисобланган иш ҳақи ва бошқа даромадлари, шунингдек, улар бўйича ҳисобланган солиқ суммалари тўғрисидаги ҳужжатларни архивга қоғозда топширишни бекор қилишни назарда тутади.

2024-йил 1-январдан бошлаб дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда бухгалтерия ҳисоби ва солиқ ҳисоботларини юритувчи тадбиркорларга бухгалтерия регистрлари ва бошқа бухгалтерия ҳужжатларини архивга электрон шаклда тақдим этиш имкониятини бериш режалаштирилган.

Шунингдек, 2023-йил 1-январдан бошлаб қуйидагилар бекор қилиниши режалаштирилган:

  • хўжалик юритувчи субектлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларига 2022-йил 1-январдан кейин тақдим этилган молиявий, солиқ ва статистик ҳисоботларни қоғоз кўринишида сақлаш ҳамда архивлаш мажбурияти;
  • хўжалик юритувчи субектлар томонидан молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари асосида ҳисоботлар тузиш шарти билан ҳар чоракда солиқ ҳисоботларини тақдим этиш амалиёти;
  • қатъий белгиланган миқдордаги айланма солиғини тўловчи тадбиркорларнинг солиқ органларига молиявий ҳисоботларни тақдим этиш мажбуриятлари;
  • тадбиркорлар томонидан 7 та йиллик ва 2 та чораклик статистик ҳисоботларни вазирлик ва идоралардан тақдим етиш мажбурияти билан тақдим этилиши.