Ўзбекистон пойтахтида АГҚШ вақтинча ишини тўхтатди

Тошкент шаҳрида аҳоли томонидан истеъмол қилинадиган ва иссиқлик таъминоти тизимида фойдаланилаётган табиий газ босимининг пасайиши муносабати билан газ қуйиш шохобчалари вақтинча ёпилди.

Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати расман хабар берди.

«Шаҳаримизнинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши муносабати билан газ ва иссиқлик таъминотида узилишлар кузатилмоқда – коммунал хизматлар мавжуд газ захираларини барча истеъмолчилар ўртасида тақсимлашга уринаётганига қарамай, ресурслар етарли эмас.

Иложи борича кўпроқ хонадонларни газ ва иссиқлик билан таъминлаш мақсадида барча автомобилларга газ қуйиш шохобчалари вақтинча ёпилди, жамоат транспортига хизмат кўрсатувчи станциялар бундан мустасно», — дейилади шаҳар ҳокимлигида.

Аввалроқ «Худудгазтаъминот» компанияси матбуот хизмати Ўзбекистонда газ қуйиш шохобчалари бир неча кун ишламаслиги ҳақидаги хабарларни рад этган эди.