Ўзбекистон пойтахтида ШҲТ туризм форуми бўлиб ўтади

Тошкентда академик ва ишбилармон доиралар, шунингдек, туризм соҳаси вакиллари иштирокида ШҲТ форуми бўлиб ўтади.

19-20 май кунлари ташкилотга аъзо давлатларнинг туризм соҳалари вакиллари Ўзбекистон Республикасининг ШҲТнинг 2022-йилдаги саммитига раислиги доирасида Тошкентдаги «Hilton Tashkent City» меҳмонхонасида йиғилади.

20 май куни академик ва ишбилармон доиралар, шунингдек, ташкилотга аъзо давлатларнинг туризм соҳаси вакиллари иштирокида «ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичи: туризм ва маданий мерос» номли туризм форуми бўлиб ўтади.

Форумда халқаро туризмнинг долзарб масалалари, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларнинг маданий меросини асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш, шунингдек, туризм ва маданий мерос соҳасидаги илмий-техникавий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.

Йиғилишда туризм бошқармалари раҳбарлари туристик саёҳатларни тиклашни жадаллаштириш бўйича қўшма ташаббуслар, туризмнинг иқтисодий ўсиш мултипликатори сифатидаги ролини оширадиган янги лойиҳа ва дастурларни кўриб чиқади.

Бўлажак йиғилишлар кун тартибидан Туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги Битим ва ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида музей иши соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги мемарандум лойиҳаларини мувофиқлаштириш ҳам ўрин олган.