Ўзбекистон Республикаси Президенти фермерга мактаб қургани учун давлат мукофоти топширади

“Навобод” маҳалласида фермер хўжалиги раиси ташаббуси билан икки қаватли мактаб қурди.

Нурафшонда халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Бўка тумани ҳокими ўринбосари ўз туманида мактаб қурилишига кўмак берган фермер ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, тумандаги “Навобод” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳомийлар ҳисобидан 3,5 миллиард сўмлик икки қаватли мактаб биноси қурилди.

Мактаб қурилишида “Азим Муҳаммад” фермер хўжалиги раиси Рўзибой Ғойибов катта ташаббус ва ҳомийлик кўрсатди.

Шавкат Мирзиёев бу фермерни олий давлат мукофотларидан бири билан тақдирлашини айтди.

– Фарзандларимизнинг таълим ва тарбиясига эътибор қаратаётган ана шундай тадбиркор ва фермерларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Улар бефарқ одамлар эмас. Эртага уларнинг номи тарихда қолади. Рўзибой ака, яна бир бор раҳмат. Сиздек фидойи инсонларни учратганимдан доим хурсандман, – деди давлатимиз раҳбари.