Ўзбекистон Республикаси раҳбари «Машаққат қадаси» ёдгорлик мажмуасига гул қўйди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 9-май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ғалаба боғига ташриф буюрди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, президент «Машаққат қадаси» ёдгорлик мажмуасига гул қўйди.

Элатиб ўтамиз, ёдгорлик Иккинчи жаҳон урушида беш ўғлини йўқотган она Зулфия Зокирова ҳамда унинг фидойи келинлари ва етим неваралари хотирасига ўрнатилган. Ёдгорлик халқимизнинг урушдаги йўқотишлари, озодлик учун кураши рамзидир. «Машаққат қадаси» – урушда фарзандидан, эридан, яқинларидан маҳрум бўлган барча оналар, аёллар шарафига ўрнатилган ёдгорлик.

  Истироҳат боғига қуролли кучлар тизимидаги вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам йиғилди. Президент улар билан суҳбатда ўзбек халқига табрик йўллади.

– Бугун ушбу Ғалаба боғида туриб, муҳтарам фахрийларимизни, бутун халқимизни ушбу байрам билан чин қалбимдан табриклайман. Ана шундай дамларда биз қаҳрамон аждодларимизни ёдга олиб, уларнинг жасорати олдида таъзим қиламиз. Уларнинг тинчлик ва озодлик йўлида босиб ўтган серқирра ҳаёт йўли келажак авлодлар учун буюк ва абадий меросдир», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари бу маскан уруш оқибатларини, тинчликнинг қадрини эслатишини таъкидлади.

«Бугунги кунда дунё янада хавотирли бўлиб бормоқда. Ҳар дақиқада янги қийинчиликлар пайдо бўлади. Бу бизга таъсир қиладими? Албатта таъсир қилади. Лекин биз халқимиз ҳаётига бу таъсирни камайтириш чораларини кўряпмиз. Бизнинг меҳнатимиз, бирдамлигимиз билан, худо хоҳласа, бу синовларни енгиб ўтамиз, – деди Президентимиз.

Вазирлик, идоралар, жамоатчилик вакиллари ҳам ёдгорлик пойига гуллар қўйишди.