Кеча, 28-сентабр куни Бош вазир ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев раислигида ЖСТ билан ишлаш бўйича идоралараро комиссиянинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбир давомида ЖСТга аъзо бўлишнинг бугунги ҳолати ва Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг 6-йиғилишини ташкил этишга тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.
“Таъкидланишича, жорий ҳафта бошида режалаштирилган музокараларни ташкил этиш учун барча зарур ҳужжатлар ЖСТга аъзо мамлакатларга топширилган. Бундан ташқари, аввал эришилган келишувларни ўз вақтида амалга ошириш мақсадида ЖСТга аъзо давлатлар билан икки томонлама музокаралар ва ташкилот котибияти билан маслаҳатлашувлар доимий асосда давом этмоқда.
Йиғилишда жорий йил охиригача ЖСТга аъзо бўлиш доирасидаги асосий вазифалар белгилаб олинди. Ҳозирги босқичда республиканинг ушбу ташкилотга аъзо бўлиш шартларини муҳокама қилиш жараёнини фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Идоралараро комиссия аъзоларига ишчи гуруҳнинг 6-йиғилишига ўз вақтида ва сифатли тайёргарлик кўриш, барча вазифалар ижросини юқори профессионал савияда таъминлаш ва тайёрланаётган ҳужжатлар сифатини ошириш бўйича топшириқлар берилди. Икки томонлама музокаралар доирасида ЖСТга аъзо давлатларнинг сўровларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги ҳам таъкидланди.
Йиғилиш якунлари бўйича Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишда дастлабки мажбуриятларини шакллантириш, яқин келажакда Ўзбекистон манфаатларини илгари суриш ва ташкилотга киришини тезлаштириш мақсадида ЖСТга аъзо давлатлар билан икки томонлама музокаралар ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.