Ўзбекистон терма жамоаси Покистонда кетма-кет учинчи йил Team Spirit ғолиби бўлди

Покистоннинг Ҳариан шаҳрида «Team Spirit» Халқаро Армия ўйинларининг сўнгги босқичи якунланиб, унда 11 давлат, жумладан, Ўзбекистондан ҳарбий ва махсус хизматлар жамоалари иштирок этди.

Мусобақа давомида жамоаларга юқори профессионал тайёргарликни талаб қилувчи жанговар шароитларда мураккаб вазифалар таклиф этилди.

Ўзбекистон терма жамоаси 2021-йилдан бошлаб Team Spiritда кетма-кет учинчи марта биринчи ўринни эгаллаб, ўз тажрибаси ва маҳоратини намойиш этди.

Саудия Арабистони, Қозоғистон ва Таиланд жамоалари мос равишда иккинчи, учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллади.

Мусобақа якунига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси бошлиғи подполковник Баҳодир Қосимов Покистон Қуролли кучлари қуруқликдаги қўшинлари қўмондони Генерал Асим Мунир қўлидан бош соврин ва иштирокчиларга бериладиган мукофотларни қўлга киритди.

Генерал ўзбекистонликлар юксак профессионал маҳорат ва ҳарбий тайёргарлик кўрсатганини таъкидлаб, Ўзбекистон армия мусобақаларида доимий иштирок этаётганидан ғурурланди.