Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги давлат ташкилотлари ва хусусий компаниялар учун санкциялар бўйича ўқув семинарларини ўтказиш ташаббуси билан чиқди, бунда санкцияларни четлаб ўтиш мумкин бўлган ҳолатларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш кўзда тутилган.
Тадбир 27 ва 28 апрел кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан ҳамкорликда бўлиб ўтади.
“Семинарларнинг асосий мақсади Европа Иттифоқи санкциялари ва уларнинг қўлланилиши ҳақида хабардорликни ошириш, шунингдек, ушбу чораларни четлаб ўтишга қарши курашишда ҳамкорлик қилишдир”, — дейилади хабарда.
Тренинг инглиз ва рус тилларида олиб борилади.
Семинарнинг биринчи куни, 27-апрелда давлат ташкилотлари вакиллари иштирок этишлари мумкин бўлса, иккинчи куни, 28-апрелда эса, ўқув машғулотлари Ўзбекистондаги Европа Иттифоқи санкциялари ҳақида хабардорлигини оширишдан манфаатдор бўлган хусусий компанияларга мўлжалланган.
Ушбу тадбир иштирокчиларга Европа Иттифоқининг санкциялар сиёсати талабларига риоя қилиш ва халқаро бизнес доирасида ҳуқуқий операцияларни амалга ошириш учун зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиш имконини беради.