Ўзбекистонда газ нархи калкулятори ишлаб чиқилди

“Худудгазтаъминот” компанияси мутахассислари томонидан маиший истеъмол учун газ нархини ҳисоблаш калкулятори ишлаб чиқилди.

Компания матбуот хизмати хабарига кўра, яқин келажакда уни “истеъмолчи” тизимига интеграциялаш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.

Қайд этиш жоизки, газ таъминоти тизимида фуқаролар учун қулайликлар яратилгани, хусусан, “ақлли ҳисоблагичлар” ўрнатилгани газ истеъмоли ва тўловнинг ўз вақтида амалга оширилишини масофадан туриб назорат қилиш, низолар келиб чиқишининг олдини олиш, умуман олганда, газ тўловини ошириш имконини беради.

Ҳозирда республика бўйлаб АСКУГга уланган 3 миллиондан ортиқ смарт ҳисоблагичлар ўрнатилди ва бу жараён давом этмоқда.

Соҳага замонавий технологияларнинг жорий этилиши онлайн хизматлар кўламининг кенгайишига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. “Худудтаъминот” корхонасида “истеъмолчи” тизими – шахсий ҳисобларни бошқариш бўйича шахсий ёрдамчи ишга туширилди, бу эса масофадан туриб бир қанча вариантлардан фойдаланиш имконини беради. Хусусан, истеъмолчи шахсий кабинети ҳолатини кузатиш учун рўйхатдан ўтиши ва керакли маълумотларни тўлдириши керак.

Тизимнинг афзаллиги шундаки, истеъмолчи кунлик ва ойлик газ истеъмоли ҳамда юзага келган қарзлар ҳақидаги маълумотларни кўриш имкониятига эга бўлади. Бундан ташқари, онлайн тўловларнинг кенг имкониятларидан фойдаланган ҳолда уйдан чиқмасдан ёки дунёнинг исталган нуқтасидан хизмат ҳақини тўлаш мумкин.

Аввалроқ “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ мутахассислари томонидан жорий ва таклиф этилаётган электр энергияси тарифлари харажатларини ҳисоблайдиган онлайн калкулятор ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берилган эди.

Яқинда Энергетика вазирлиги электр ва газ нархи қандай ўзгаришини тушунтирди.

1 куб метр табиий газ учун таклиф қилинаётган янги нарх 410 сўм бўлса, ҳозир 380 сўм.

200 м3 гача табиий газ истеъмол қиладиган абонентлар учун қўшимча харажатлар иситилмайдиган мавсумда ойига 6000 сўмгача бўлади.

Шу билан бирга, 700 м3 гача табиий газ истеъмол қиладиган абонентлар учун қўшимча харажатлар ойига 21 000 сўмни ташкил этади.