Ўзбекистонда “қийин ёшлар”ни катта авлод тарбиялайди

Ўзбекистонда “Бир кекса авлод вакили ўн нафар ёш учун масъулдир” тамойили жорий этилмоқда.

Ишсиз, таълим олиши қийин, муаммоли ёшларни жамиятга фойдали фуқароларга айлантиришда маҳаллаларда ҳурмат-эҳтиром, ҳаётий тажрибага эга кекса авлод ва зиёлилар фаол иштирок этади.

Бу Президентнинг “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган.

Маҳалла ва кекса авлодни қўллаб-қувватлаш вазирлигига Ёшлар ишлари агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан биргаликда икки ой муддатда мазкур тамойилни ҳаётга татбиқ этиш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш топширилди.

Ёшлар хулқ-атворида ижобий ўзгаришлар рўй берган ҳолда, тарбиячилар  Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси маблағлари ҳисобидан рағбатлантирилади.

Шунингдек, “Бир кекса авлод вакили ўн нафар ёш учун масъул” тамойилини ҳаётга татбиқ этишда ташаббускорлик кўрсатаётган кекса авлоднинг ижтимоий фаол вакилларига Маҳалла ва кекса авлодни қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади.

2022-йил 1-апрелдан бошлаб олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва мактабларда кекса авлод вакиллари билан суҳбатлар, жумладан, видеоконференция шаклида доимий асосда ўтказилади. Мазкур тадбирлардан кўзланган мақсад ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдан иборат.

Иш берувчиларга пенсия ёшига этган ишчиларни ишдан бўшатиш тақиқланади

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда мулоқотлар ташкил этилиши талаб қилинсин.