Ўзбекистонда қийноқ қурбонларига товон пули тўланади

Ўзбекистон фуқароларига ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан тергов ҳаракатлари давомида етказилган зарар қопланади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноқлардан жабрланганларга етказилган зарар учун товон тўлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Парламент матбуот хизмати хабарига кўра, қонун лойиҳаси билан Фуқаролик кодексига ўзгартишлар киритилади.

Хусусан, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура ва суд органларининг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаган ҳолда ноқонуний хатти-ҳаракатлари натижасида етказилган зарар учун жавобгарликни тартибга солувчи 991-моддада.

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 1021-моддаси иккинчи қисмига қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз ёки қадр-қимматни камситувчи муомалаларни қўллаш натижасида етказилган маънавий зарарнинг ўрнини қоплашни киритиш таклиф этилмоқда.

Депутатлар мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши қийноқлардан жабрланганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тиклаш, моддий, маънавий ва бошқа зарарлар учун товон тўлаш механизмларини такомиллаштиришини таъкидладилар.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда қабул қилинди.