Ўзбекистонда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш бўйича 135 та ҳолат аниқланди: Энергетика вазирлиги

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзэнергоинспекция» ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан май ойида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш бўйича 135 та ҳолат аниқланган, бу эса 23 миллион киловатт/соатни ташкил этади.

Бу ҳақда Энергетика вазирлигининг расмий матбуот хизмати хабар бермоқда. Матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу қоидабузарликлардан кўрилган жами зарар 20,6 миллиард сўмни ташкил этади.

Аниқланган қоидабузарликларнинг аксарияти Самарқанд, Жиззах ва Бухоро вилоятларида қайд этилган.

Масалан, Самарқанд вилоятидаги фермер хўжаликларидан бирида 1 миллиард 700 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.

Жиззах вилоятидаги илмий-тажриба стансиясида ҳуқуқбузарларнинг ўзлари ишлатган электр энергияси учун 442,9 миллион сўм, Бухоро вилоятидаги корхонада эса 324 миллион сўм миқдорида ноқонуний истеъмол қилиш ҳолатлари қайд этилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда жорий йилнинг апрел ойида 5,5 миллиард сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш бўйича 225 та ҳолат аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.