Ўзбекистонда кам таъминланган оилаларнинг 3 ёшгача бўлган болалари озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминланади

Ўзбекистонда кам таъминланган аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясига кўра, муҳтожларга моддий ёрдам кўрсатилади.

Ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурлари ижтимоий нафақалар мезонларига жавоб берадиган барча оилалар ва шахсларни қамраб олиши режалаштирилган.

2022-2026-йилларда Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йул харитаси” лойиҳасига кўра, 2022-йилда Миллий ижтимоий ҳимоя стратегиясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш кўзда тутилган.

Бу қуйидагиларни таъминлайди:

– аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун давлат органини тайинлаш;
– ижтимоий суғурта тизимини яратиш, шу жумладан ижтимоий суғурта фондини яратиш;
– кам таъминланган оилаларга ижтимоий шартнома асосида ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатиш;
– “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида хотин-қизлар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар бўйича алоҳида маълумотлар базасини яратиш, шу жумладан “Темир дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”ни “Ягона реестр” билан бирлаштириш.

Кам таъминланган оилаларнинг 3 ёшгача бўлган болаларини озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш дастури қабул қилинади.

Эшитишда нуқсони бўлган болаларнинг нормал ҳаётга мослашишини таъминлаш мақсадида ихтисослаштирилган таълим муассасаларида таҳсил олаётган эшитиш қобилияти паст болаларни замонавий эшитиш воситалари билан та’минлаш тизими жорий этилади.