Ўзбекистонда “Мирзо Улуғбек ворислари” ёшлар мусобақаси бўлиб ўтади

Ўзбекистонда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар йили республика танловини ўтказиш режалаштирилган.

“Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича “Улуғбек” жамғармаси фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди. Ҳужжатга кўра, 2022-йилдан бошлаб ҳар йили “Мирзо Улуғбек ворислари” республика танлови ўтказилади.

Мусобақа давомида:

· биринчи босқич феврал-март ойларида туман (шаҳар)ларда ўтказилади, бунда ҳар бир туман (шаҳар)дан энг юқори натижага эришган 5 нафардан номзод кейинги босқичга ўтади;

· иккинчи босқич апрел ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилади ва уларнинг ҳар бирида энг юқори натижани қайд этган 20 нафар ёшлар кейинги босқичга йулланма олади;

· учинчи босқич май ойида боʻлиб оʻтади ва 100 нафар ёшлар танлов ғолиби деб топилади.

Биринчи, иккинчи ва учинчи босқич ғолиблари 5, 10 ва 20 БҲМ миқдоридаги бир марталик пул мукофоти ҳамда диплом билан тақдирланадилар.

Республика босқичи ғолиблари жамғарма томонидан ташкил этилган мақсадли малака ошириш курсларида бепул таълим олади.

Бундан ташқари, қарор билан “Иқтидорли ёшлар ахборотномаси” илмий-амалий электрон журнали ва “Мирзо Улуғбек меросхўрлари” электрон портали ташкил этилди.

Шунингдек, электрон порталда иқтидорли ёшларнинг электрон маълумотлар базаси шакллантирилади, ўқув курслари битирувчилари рейтинги жорий этилади, инновацион гʻоялар ва илмий-техникавий ишланмалар баҳоланади.