Ўзбекистонда оғир хаста болаларни ўқитиш учун мактаб ташкил этилмоқда

Халқ таълими вазирлиги қошида оғир хасталикка чалинган болалар таълим оладиган мактаб ташкил этилмоқда.

Ҳукумат қарорига кўра Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида беморларни ўқитиш учун «Меҳрли мактаб» давлат таълим муассасаси ташкил этилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.

Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Халқ таълими вазирлиги ҳузурида фаолият юритадиган мактабда 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун мактабгача таълим тўгараклари, 1,5 ёшдан 2 ёшгача бўлган болалар учун ўйин гуруҳлари, шунингдек, бошланғич ва умумтаълим мактаблари ташкил этилади.

Беморларнинг ота-оналари таълим муассасаси ишида фаол иштирок этадилар.

Маълум қилинишича, мактаб ёшидаги беморлар учун индивидуал ишлаб чиқилган ўқув дастури асосида 1-11-синфларгача умумий ўрта таълим ташкил этилади.

Бошланғич синф ўқувчилари учун машғулотларнинг давомийлиги кунига 3 соат, 5-11-синф ўқувчилари учун 4 соатдан кўп бўлмайди.
Мактаб ҳафтасига 5 кун ишлайди.