Ўзбекистонда об-ҳаво: дам олиш кунлари учун маълумот

«Ўзгидромет» 30 апрелдан 4 майга қадар давом этиши мумкин бўлган узоқ дам олиш кунлари учун об-ҳаво маълумотини эълон қилди.

Уларнинг хабар беришича, бугун ва эртага Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида бироз булутли бўлиб, ёғингарчилик бўлмайди.

«Фақат бугун кундузи Самарқанд, Жиззах вилоятларининг айрим ҳудудларида, эртага кечаси ва эрталаб Тошкент вилояти ва Фарғона водийсининг айрим жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин», — дейилади хабарда.

1-2 май кунлари Эрон худудидан республика ҳудудига анча иссиқ ҳавонинг олиб чиқилиши кучаяди. Кундузи ҳаво 32-34° гача, республика жанубида 36-39° гача исийди.

«Бундай ҳарорат фони барча йиллар давомида ўтказилган метеорологик кузатувлар давомида ушбу даврдаги энг юқори ҳароратдан атиги 2-3° паст бўлади. Шу кунларда фақат республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Қолган ҳудудларда ҳаво қуруқ ва кўпроқ булутли бўлиши кутилмоқда», – дея таъкидлади синоптиклар.

Бундан ташқари, 3-4-май кунлари Волга бўйидан нам ва нисбатан салқин ҳаво массалари Ўзбекистон ҳудудига бостириб киради. Мамлакат бўйлаб вақти-вақти билан ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида баъзи жойларда кучли ёмғир ёғиши мумкин. Баъзи жойларда шамол 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда, 3-май куни баъзи ҳудудларда чанг-тўзон сузиши мумкин. Кундузи ҳаво ҳарорати 22-25° гача пасаяди.