Ўзбекистонда об-ҳаво ўзгариши: ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши кутилмоқда

Яқин кунларда Ўзбекистонда об-ҳаво шароити ўзгариши кутилмоқда. Ўзгидрометнинг хабар беришича, 17-март, жума куни бутун мамлакат бўйлаб очиқ ҳаво ҳукм суради, ҳаво ҳарорати 22 дан 25 даражагача иссиқ бўлади.

Бироқ, 18-март, шанба куни жануби-ғарбий томондан булут массалари яқинлаша бошлайди, улар Туркманистон орқали Каспий денгизидан циклон олиб келади.

Қашқадарё, Сурхондарё, куннинг иккинчи ярмида Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларида қисқа муддатли ёмғир, шунингдек, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Якшанба ва душанба кунлари сиклон мамлакатнинг қолган ҳудудларига тарқалиши кутилмоқда, бу эса об-ҳавони беқарор қилади.

Аксарият вилоятларда ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида ҳаво қуруқ қолади.

Фарғона водийси вилоятларида 20 март куни ёмғир ёғиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати бироз пасайиб, 17 дан 20 даражагача иссиқ бўлади.

Тог ъ олди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда кучли ёмғир ёғади, республиканинг айрим ҳудудларида шамол 15-20 м/с гача кучайиши мумкин.

17-мартдан 21-мартгача Тошкент ва Наманган вилоятларининг тоғли ҳудудларида 2 минг метрдан ортиқ баландликда қор кўчиши хавфи кутилмоқда.

Тошкентда бугун ва эртага ҳаво ёғингарчиликсиз бўлади, шарқдан кучсиз шамол эсади.

Кечаси 8-10 даража илиқ, кундузи 21-23 даража иссиқ бўлади.

Бироқ якшанба куни кечқурун ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин, шарқдан эсаётган шамол 5-10 дан 12-15 м/с гача кучайиши мумкин.