Ўзбекистонда шифокорларга индивидуал амалиёт билан шуғулланишга рухсат берилади

Ўзбекистонда 2022-йил 1-сентабрдан бошлаб шифокорларга якка тартибда оилавий тиббий амалиёт билан шуғулланишга рухсат берилади.

Бу давлат раҳбарининг “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизмат самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган.

Ҳужжатга кўра, 2022-йил 1-сентабрдан бошлаб шифокорларга якка тартибда оилавий тиббий амалиёт ўташга рухсат берилади.

Қарорда якка тартибдаги оилавий врачлик амалиёти алоҳида тиббиёт муассасаси очишни талаб этмаслиги, ушбу тоифадаги шифокорларга ўз уйида ёки ижарага олинган биноларда тиббий хизмат кўрсатишга рухсат берилиши қайд этилган.

Якка тартибдаги оилавий шифокорларга бириктирилган аҳолига бепул кўрсатган хизматлари учун ҳақ тўлаш давлат тиббий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Шу билан бирга, якка тартибдаги оилавий врачлик амалиётини ўтказиш тажрибаси дастлаб 2022-йил охиригача Сирдарё вилоятида, кейинчалик босқичма-босқич республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига Молия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда якка тартибдаги оилавий врачлик амалиётини ўтказишга қўйиладиган талабларни, шунингдек, ушбу фаолиятни молиялаштириш тартибини тасдиқлаб, амалга ошириш топширилди.