Ўзбекистонда TikTok Fest: Маданият вазирлиги фестивалнинг бекор қилинишига изоҳ берди

Маданият вазирлиги декабр ойи охирига режалаштирилган TikTok Fest фестивалининг бекор қилинишига изоҳ берди.

25 декабр куни Ҳумо Арена муз мажмуасида машҳур ТикТокер мусиқачилари иштирокида TikTok Fest фестивали ўтказилиши керак эди. Бироқ тадбир ташкилотчисига кўра, фестивал бекор қилинган.

Маданият вазирлиги консертнинг бекор қилинишига изоҳ бериб, консерт ўтказишга рухсатни бошқа идоралар беришини айтди.

Президент қарорига мувофиқ, бир марталик консерт ўтказишга рухсатнома Ички ишлар вазирлиги ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан берилади. Шундан келиб чиқиб, маҳаллий ижро ҳокимияти ҳузурида ташкил этилган тузилманинг вазифаси консерт савияси, мазмуни, ғоясини таҳлил қилиш, бу борада якуний хулосалар чиқаришдан иборат.

“Юқорида айтиб ўтганимиздек, консертни Маданият вазирлиги эмас, балки хусусий тадбиркорлар ташкил қилмоқда. Шу боис Маданият вазирлиги TikTok Fest шоу-концертига оид барча савол ва мулоҳазаларни юқорида қайд этилган ваколатли органларга юборишни тавсия қилади”, — дейилади хабарда.

Маданият вазирлиги TikTok Fest шоу-концерти миллий менталитетга тўғри келмайди ва ёшлар онги ва дунёқарашига салбий таъсир қилади, деб ҳисоблайди.

“Ўйлаймизки, бундай оммавий тадбирлар ташкилотчилари ушбу жиҳатларни инобатга олган ҳолда бу масалага жиддий ёндашадилар”, — дейилади вазирлик хабарида.

Тадбир ташкилотчилари таъкидлаганидек, барча сотиб олинган чипталар қайтарилиши мумкин.