Ўзбекистонда умумий овқатланиш ва чакана савдо қоидалари соддалаштирилади

Иқтисодий фаолиятни қўллаб-қувватлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

«Тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро ҳамкорликнинг самарали тизимини жорий этиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Адлия вазирлиги Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Иқтисодий ривожланиш ва қашшоқликни қисқартириш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Санитария-эпидемиология осойишталиги ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш хизмати ҳамда Савдо-саноат палатаси билан биргаликда умумий овқатланиш ва чакана савдони 2022-йил 1-июлга қадар, қўллаб-қувватлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин, унда:

хизмат кўрсатиш қоидаларини, шунингдек, замонавий талабларга жавоб бермайдиган умумий овқатланиш ва савдо корхоналари учун белгиланган санитария нормалари ва қоидаларини соддалаштириш;

умумий овқатланиш ва чакана савдо хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятига давлат аралашувини қисқартириш, яширин иқтисодиёт ва норасмий бандликни қисқартиришни рағбатлантирувчи механизмни жорий этиш.

2022-йил 1-июлдан бошлаб суғурта ташкилотларига тижорат банклари томонидан бюджет тизими маблағлари ҳисобидан ажратиладиган кредитлар бўйича суғурта шартномалари бўйича брокерлик тўловларини тўлаш тақиқланади.

Марказий банк Молия вазирлиги билан биргаликда кредит ва суғурта ташкилотлари ўртасидаги шартнома шартларини, шу жумладан кредит ташкилотлари деб эътироф этилган суғурта ташкилотларини танлаш шартларини тасдиқлайди.