Ўзбекистонга 3 минг хорижий IT-мутахассис келди

Жорий йил бошидан буён Ўзбекистонга хориждан 3 минг ИТ-мутахассис келди.

Бу ҳақда 14 апрел куни Президент раислигида ахборот технологиялари ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги ҳамда 2022-йилга мўлжалланган соҳанинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилишда маълум бўлди.

– IT-парклардаги амалий лойиҳаларга хорижликларни жалб этиш, икки ой муддатда 1000 нафар ёш мутахассиснинг малакасини ошириш зарур, – деди давлатимиз раҳбари.

Бундан ташқари, Президент масъул давлат органларига биринчи ярим йилликда Тошкент, Қорақалпоғистон, Жиззах, Сирдарё, Фарғона ва Наманганда олтита, йил охиригача эса яна саккизта шундай масофавий хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш бўйича топшириқлар берди.

Шунингдек, Ўзбекистонда 800 минг хонадонга юқори тезликдаги интернет тармоғидан фойдаланиш имконияти тақдим этилади. Республикада оптик толали алоқа қамрови 80%га, автомобил йулларининг мобил интернет билан қамраб олиниши эса 60%га ошади.