Ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари Бокуда бўлиб ўтган киберхавфсизлик бўйича халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришди.
Озарбайжон, Исроил, Туркия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон каби 6 давлатдан 125 нафар иштирокчи иштирокида ўтказилган CTF мусобақаси доирасида Ўзбекистоннинг «Киберхавфсизлик клуби» жамоаси илк бор иштирок этганига қарамай, ғолибликни қўлга киритди.
Уларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари биринчи ўринни эгаллаб, ташкилотчиларнинг муносиб мукофот ва совғаларига сазовор бўлди.
Боку шаҳрида ўтказилган «Ёзги кибермактаб – 2023» доирасида иштирокчилар киберхавфсизликнинг турли жиҳатларини қамраб олган 20 дан ортиқ ўқув ва амалий семинарларда қатнашиш имконига эга бўлди.
20 нафар мутахассис иштирокида турли мамлакатлардан келган ёшлар ўзаро тажриба алмашиб, соҳадаги сўнгги тенденция ва янгиликлардан хабардор бўлишди.
Ўзбекистон жамоасининг халқаро миқёсдаги ушбу ғалабаси киберхавфсизлик соҳасидаги билим ва кўникмаларнинг юқори даражасини, шунингдек, мамлакатимизда ушбу соҳани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришдан далолат беради.
Ёшлар ахборот хавфсизлигининг ушбу муҳим соҳасида муваффақиятга эришиш қобилиятини намойиш этди.