Ўзбекистонликни уриб юборган Россия Федерацияси миграция департаменти ходими ишдан бўшатилди

Аввалроқ тармоқда Россиядаги миграция департаменти ходимларидан бири ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида мигрантнинг қорнига тирсаги билан урганини кўришингиз мумкин бўлган видео тарқалди.

Видео тавсифида бу шахс қайси давлат фуқароси эканлиги, Россия миграция департаменти ходими кимга нисбатан куч ишлатгани аниқланмаган. Саҳна ортида ўзбекча нутқ эшитилади.

“Саховат” хайрия жамғармаси ижрочи директори, ҳуқуқ ҳимоячиси Бахром Исмоилов видеога эътибор қаратди.

“Меҳнат патентини расмийлаштириш жараёнида, эҳтимол, Воронеж шаҳри ОВМ ходимларидан бири меҳнат муҳожирини уриб, уни туртиб юборган. Ходимни ишдан бўшатиш керак, раҳбарият эса меҳнат муҳожиридан шахсан узр сўраши керак”, деди у ўшанда.

Кейинроқ Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги муҳожир Ўзбекистон фуқароси эканлигини, воқеа 28 июн куни Воронежда содир бўлганини маълум қилди.

Ходимга агентлик вакили иштирокида расмий текшириш белгиланди. Бугун ўзбекистонликнинг қорнига тирсаги билан урган миграция бўлими ходими ишдан бўшатилгани маълум бўлди.