Ўзбекистоннинг икки вилоятидаги мактаб ўқувчилари бепул овқатланади

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бошланғич синф ўқувчилари мактабда бепул овқат билан таъминланади. Бунинг учун бюджетдан маблағ ажратилади.

25 август куни «Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти таълим муассасаларида соғлом овқатланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди, дея маълум қилди Адлия вазирлиги.

Ҳужжатга кўра, мактаб ўқувчилари учун овқатланиш умумий овқатланиш корхоналари томонидан ташкил этилади. Умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида танлов ўтказиш тартиби, шунингдек, счёт-фактураларни расмийлаштириш ва озиқ-овқат маҳсулотларини назорат қилиш тартиби белгиланди.

Бошланғич синф ўқувчилари кунига бир марта мактабда овқат олишлари тўғрисида қарор қабул қилинди. Шу билан бирга Кундалик платформасига кунлик таомлар рўйхати жойлаштирилади.

Махсус комиссия мактабларда овқатланишни назорат қилади. У 5 кишини ўз ичига олиши керак: директор, ҳамшира ва ота-оналарнинг вакиллари.