Ўзгидромет чанг бўрони ва туман тушиши ҳақида огоҳлантирди

Ўзгидромет мамлакатда чанг бўрони ва қоронғи тушиши мумкинлиги ҳақида фавқулодда хабар тарқатди.

Уларга кўра, жорий йилнинг 21 декабр куни Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб кутилаётган кучли шамол, шунингдек, Туркманистон Республикасининг унга туташ ҳудудларида кутилаётган чанг бўрони муносабати билан Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятлари ва республиканинг чўл зонасида чанг бўрони ва чанг туман тушиши мумкин.

Жорий йилнинг 21-22 декабр кунлари Ўзбекистон ҳудудига Каспий денгизи орқали Кавказдан нам ва нисбатан салқин ҳаво массаси кириб келиши кутилаётгани ҳақида аввалроқ хабар берилган эди.

Қорақалпоғистон, Хоразм, Тошкент, Сирдарё, Сурхондарё вилоятларида 17-22 м/с гача; Бухоро, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё вилоятларида 17-22 м/с гача, айрим жойларда 25-28 м/с гача кучайиши мумкин. Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида кучли шамол бўлиши кутилмайди.

21-22 декабр кунлари республика бўйлаб баъзи жойларда ёмғир ёғади, тоғ олди ва тоғли туманларда кучли ёмғир ёғиши мумкин.