Ўзгидромет келгуси дам олиш кунлари учун об-ҳаво маълумотларини эълон қилди

Синоптиклар 18-20-ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикасида кутилаётган об-ҳаво маълумотларини маълум қилди.

18-ноябрь, жума куни республика ҳудудига жанубий сиклони кириб келиши кутилмоқда. Шимоли-ғарбий вилоятларда енгил ёмғир ёғади, жанубий ва марказий туманларда бироз кўпроқ ёғингарчилик бўлади. Тоғ ва тоғ олди ҳудудларида кучли ёмғир ёғиб, қор ёғиши мумкин. Фақат Фарғона водийси ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди. Шамол айрим жойларда 15-20 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат кундузи 14-17 даража иссиқ бўлади, бу кун учун меъёрга яқин.

Шанба куни Хоразм, Бухоро, Навоий ва Қорақалпоғистон Республикасидан ташқари барча вилоятларда ёғингарчилик бўлади. Кечаси ва эрталаб баъзи жойларда туман тушиши мумкин, баъзи жойларда кучли шамол эсишда давом этади — 15-20 м/с гача. Ҳаво ҳарорати кечаси 5-10 даража илиқ, кундузи 10-15 даража иссиқ бўлади.

Якшанба куни ёмғир бўлмайди, лекин кечаси ва эрталаб баъзи жойларда туман тушиши мумкин.

Ҳаво ҳарорати кечаси 3-8 даража илиқ, кундузи 10-15 даража иссиқ бўлади.

Ўзгидромет шу кунларда республикамизнинг тоғли ҳудудларида қор кўчкиси хавфи мавжудлигини яна бир бор огоҳлантирмоқда.