Ўзгидромет тоғли довонларда хавфли об-ҳаво шароити ҳақида огоҳлантирмоқда

Бугун, 7-январ куни Ўзгидромет мутахассислари фавқулодда хабар тарқатди.

Уларга кўра, 9-11-январ кунлари Қамчиқ ва Тахтақўрача довонларида ноқулай об-ҳаво шароити кузатилиши мумкин.

Хусусан, А-373 Тошкент-Ўш автомобил йўлининг Қамчиқ довони ҳудудида қор ёғиши, вақти-вақти билан кучли ёғингарчилик бўлиши, туман тушиши, кўриш 50 м гача ёмонлашиши, йўлда қор кўчиши мумкин, қор ёғиши мумкин, шамол тезлиги 15-20 м/с гача етиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, М-39 Тошкент-Шахрисабз-Термиз автомобил йўлининг Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи Тахтақўрача (Китоб) довонида қор ёғиши, вақти-вақти билан кучли ёғингарчилик, туман тушиши, кўриш масофаси 50 м гача ёмонлашиши, шамол 17 -22 м/с гача кучайиши , қор кўчиши, йўлда қора муз бўлиши кутилмоқда.