Женева Марказий Осиёда аҳоли ва уй-жойларни рўйхатга олиш билан қизиқди

Швейцарияда Марказий Осиёда аҳоли ва уй-жойларни рўйхатга олиш билан боғлиқ масалалар бўйича экспертлар гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Тадбир Женевада 29 сентябрда бошланди ва 1 октябргача давом этади. Унда Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё давлатларининг статистика идоралари вакиллари ҳамда халқаро ташкилотлар мутахассислари иштирок этишади.

Онлайн тадбирда аҳоли ва уй-жойларни пандемия ҳолатида рўйхатга олишга тайёрлаш, тадбирни ўтказишнинг инноватсион усуллари, маъмурий ва бошқа ахборот манбаларидан фойдаланиш, маълумотлар сифатини баҳолаш ва фойдаланувчилар эҳтиёжларини қондириш каби масалалар кўриб чиқилади.

Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг аҳолини рўйхатга олиш жараёнларини ташкил этиш ва ўтказиш бўлими бошлиғи Бердиқулов Қобил Ғуломович иштирок этмоқда.

Тадбирнинг асосий мақсади 2020 йилги тур доирасида аҳоли ва уй-жойларни рўйхатга олиш бўйича тадбирлар ўтказган мамлакатлар тажрибасини муҳокама қилишдир.

Учрашув давомида Қобил Бердиқулов Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берди.

Давлат статистика қўмитаси вакилининг маърузаси халқаро экспертларда катта таассурот қолдирди. Мутахассислар Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш бўйича олиб борилаётган ишларни юқори баҳоладилар.