Абдулазиз Комилов Кобулга ташриф буюрди

19-июн куни Кобул шаҳрида Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегациянинг музокаралари бўлиб ўтди.

Дипломатлар Афғонистон бош вазир ўринбосарлари мулла Абдул Ғани Бародар ва Абдусалом Ҳанафий билан алоҳида музокаралар ўтказди.

Савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама мавзуси бўлди.

Афғонистон ҳудудида Ўзбекистон ташаббуси билан амалга оширилаётган энергетика ва транспорт-коммуникация соҳаларида инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўтарилди.

ТИВ хабарига кўра, Афғонистон томони республика раҳбариятига мамлакатга инсонпарварлик ёрдами кўрсатаётгани ва миллий иқтисодиётни тиклаш бўйича саъйи-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди.

Делегация аъзолари Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттаки ва Ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Сирожиддин Ҳаққоний ҳам учрашди. Сиёсий ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик қилиш юзасидан музокаралар ўтказди.