Абдулазиз Комилов лавозимидан озод этилди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов янги тайинлов муносабати билан ўз лавозимидан озод этилди.

Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Унга кўра, Ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаб келган Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

Ўз навбатида, Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Бобур Усмонов Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг ўринбосари этиб тайинланди.

Еслатиб ўтамиз, 29-март куни ТИВ матбуот хизмати ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов охирги ўн кун ичида сурункали касаллик туфайли тиббиёт бош бошқармасининг 1-сонли марказий клиник шифохонасида даволанаётгани ҳақида хабар берган эди.

«Тиббий хулосасига кўра, Абдулазиз Комиловнинг соғлиғини чуқурроқ ўрганиш заруратидан келиб чиқиб, айни кунларда вазир ихтисослаштирилган тиббий кўрикдан ўтиш ва тегишли терапияни олиш учун хорижда даволанишини давом эттирмоқда», — дейилади хабарда.

Яқинда турли учрашув ва тадбирларда Ўзбекистондан Бош вазир ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов иштирок этди.