Адлия вазирлигида тайинловлар амалга оширилди

Адлия вазирининг буйруғи билан Бухоро, Андижон, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига янги раҳбарлар тайинланди.

Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Анвар Раҳматов Бухоро вилояти адлия бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Раҳматов 1982-йилда Бухоро вилоятининг Ромитан туманида туғилган. 2003 йилда Тошкент давлат юридик институтини, 2009 йилда Бухоро давлат университетини, 2010 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

У ўз фаолиятини 2004 йилда бошлаган. Анвар Раҳматов шу кунга қадар Бухоро вилояти адлия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари – Юридик коллеж директори лавозимларида ишлаб келган.

Отабек Бозоров Андижон вилояти адлия бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Бозоров 1981-йилда Наманган вилоятининг Поп туманида туғилган. 2003 йилда Фарғона давлат университетининг ҳуқуқшунослик факултетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2003 йилда бошлаган, шу кунгача Бозоров Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган.

Нодир Жуманиёзов Хоразм вилояти адлия бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Жуманиёзов 1982-йилда Хоразм вилоятининг Хазорасп туманида туғилган, 2003-йилда Қорақалпоқ давлат университети, 2005-йилда Тошкент давлат юридик институти магистратураси ва 2013-йилда Жанубий Кореянинг Чунг-Анг Сау университети (докторантура)ни тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2005 йилда бошлаган, шу кунга қадар Жуманиёзов Давлат хизматлари агентлигининг Хоразм вилояти бошқармасига раҳбарлик қилган.

Адхам Турдиев Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Турдиев 1983-йилда Тошкент шаҳрида туғилган, 2004-йилда Тошкент давлат юридик институтини, 2021-йилда Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган. Адлия тизимидаги фаолиятини 2006 йилда бошлаган, шу пайтгача Адхам Турдиев Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳужжат ва фармойишларнинг ижросини назорат қилиш бошқармасига раҳбарлик қилиб келган.

Абдумуталиб Дадажонов Тошкент вилояти адлия бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Дадажонов 1980-йилда Фарғона вилоятида туғилган, 2003-йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган, 2008-йилда Тошкент давлат юридик университетининг ҳуқуқшунослик факултетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2001 йилда бошлаган, шу кунгача Дадажонов Андижон вилояти адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган.