Апрел ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Франция бизнес-форуми бўлиб ўтади

Жорий йилнинг апрел ойида Тошкентда муҳим тадбир – Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий ва молиявий ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган Ўзбекистон-Франция бизнес-форуми бўлиб ўтади.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Франция Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аурелия Бушез билан икки томонлама келишувларнинг бугунги ҳолати ва бўлажак тадбирга тайёргарлик кўриш мақсадида учрашув ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йилда Францияга ташрифи чоғида еришилган қиймати 6 миллиард евродан ортиқ устувор лойиҳалар кўриб чиқилди.

Шунингдек, Франция Республикаси делегациясининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи кун тартиби, жумладан, MEDEF International Франция тадбиркорлари ҳаракати таркибига кирувчи компаниялар вакиллари ҳам муҳокама қилинди.

Ташриф дастурига кўра, Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини янада ривожлантиришга бағишланган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 9-мажлиси ҳамда бизнес-форум ўтказилиши режалаштирилган.

Томонлар тадбирларнинг амалий мазмун-моҳиятини таъминлаш, аниқ сармоявий ва савдо шартномаларини тузиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга келишиб олдилар. Бу икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун муҳим қадам бўлади.