Бахтиёр Саидов Озарбайжон, Россия ва Туркия элчилари билан музокаралар ўтказди

2022 йил 31 декабр Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов билан телефон орқали мулоқот қилди.

Томонлар икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиб, бўлажак тадбирлар жадвалини келишиб олдилар.

3 январ куни Бахтиёр Саидов Озарбайжоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусайн Гулиевни қабул қилди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлисини, шунингдек, икки давлат ташқи ишлар вазирликлари орқали сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раундини ўтказишни ўз ичига олган режалаштирилган тадбирлар жадвали кўриб чиқилди. Савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қўшма чора-тадбирлар кўриш, автомобилсозлик, нефт-кимё, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Кейин Бахтиёр Саидов Россия Федерацияси Фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Малгиновни қабул қилди.

Сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик муносабатларининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди. Иқтисодий дипломатияни фаоллаштиришга, жумладан, савдо кўрсаткичларини янада ошириш, сармояларни жалб қилиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни кўришга алоҳида эътибор қаратилди.

Сўнгра Бахтиёр Саидовнинг Туркия Республикаси Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Олган Бекар билан учрашувида Ўзбекистон-Туркия ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда бўлажак қўшма тадбирларнинг жадвали ва ташкилий жиҳатлари, жумладан, ташқи ишлар идоралари раҳбарлари даражасидаги стратегик режалаштириш гуруҳи ва Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишлари муҳокама қилинди.