Беларус президенти Александр Лукашенко Ўзбекистонга ташриф буюради

Беларус президенти Александр Лукашенко Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 7—9-феврал кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади, деб хабар бермоқда Podrobno.uz мухбири Ўзбекистон раҳбари матбуот хизматига таяниб.

Ташриф давомида олий даражадаги музокаралар ўтказиш режалаштирилган бўлиб, улар доирасида турли соҳаларда Ўзбекистон-Беларус ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, қишлоқ хўжалиги, енгил ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика, алоқа ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек, касб-ҳунар таълими, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш дастурларини муҳокама қилиш режалаштирилган. Музокаралар якунида қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Ташриф арафасида Тошкент шаҳрида икки давлатнинг минтақавий ва ишбилармон доиралари иштирокида ишбилармонлик тадбирлари, жумладан, Иккинчи ҳудудлараро форум ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилиши бўлиб ўтмоқда.