БМТ Ўзбекистонни Нукусдаги воқеаларни текширишга чақиради

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишел Бачелет Ўзбекистон расмийларини кечиктирмасдан мустақил ва шаффоф тергов ўтказишга чақирди.

Бу ҳақда халқаро ташкилот матбуот хизмати хабар берди.

Уларга кўра, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишел Бачелет Ўзбекистонни Қорақалпоғистон Республикасида камида 18 кишининг ўлимига сабаб бўлган воқеалар юзасидан зудлик билан мустақил ва шаффоф тергов ўтказишга чақирган.

“Қорақалпоғистонда оммавий норозилик намойишлари республика мухториятининг бекор қилиниши мумкинлиги маълум бўлганидан кейин бошланди. Хусусан, мухтор республикани Ўзбекистон таркибидан ажралиб чиқиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги банд норозиликларга сабаб бўлди. Шанба куни Ўзбекистон президенти Тошкент бу режадан воз кечганини айтди.

Аввалроқ Нукусда 1-2 июл кунлари содир бўлган тартибсизликлар натижасида 243 киши жароҳат олиб, шифокорларга мурожаат қилгани хабар қилинган эди. Улар орасида 38 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам бор.

Бундан ташқари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан 516 киши ҳибсга олинган, кўплари аллақачон озод қилинган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, тартибсизликлар вақтида 18 киши ҳалок бўлган.