Бугун биз қирғиз-ўзбек чегарасини делимитация қилишни якунлаяпмиз – Президент Жапаров

Бугун, 27-январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаровнинг учрашуви чоғида қирғиз-ўзбек чегарасини делимитация қилиш якунлангани маълум қилинди.

Бу ҳақда Садир Жапаров маълум қилиб, Қирғизистон қардош Ўзбекистон билан яхши қўшничилик руҳида ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият беришини таъкидлади.

«Бугун биз қирғиз-ўзбек чегарасини делимитация қилишни якунлаяпмиз. Бу ҳақиқатан ҳам тарихий воқеа. Биз мулоқотга ва ўзаро мақбул ечимларни излашга тайёрлигимизни намойиш этдик. Ишончим комилки, чегара муаммоларига чек қўйиш орқали биз келажак авлодларимиз камолоти учун мустаҳкам пойдевор яратамиз», — деди Қирғизистон президенти.

«Муҳтарам Шавкат Мирамонович, Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасини делимитация қилиш бўйича муҳим масалаларни ҳал этишда беқиёс ролингизни қайд этмоқчиман. Давлат ташрифи доирасида шартномани ратификация ёрлиқларини алмашиш орқали бундай муҳим воқеа таъминланиши алоҳида эътиборга молик. Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик декларациясини ҳам имзолаймиз ва шу орқали муносабатларимизни мисли кўрилмаган даражага олиб чиқамиз», — дея қўшимча қилди Садир Жапаров.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида барча масалалар пухта ва ҳар томонлама кўриб чиқилгани, ҳозир икки давлат ўртасида муаммоли масала йўқлигини таъкидлади.

«Қирғизистон ва Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллик тарихида биринчи марта бундай даражадаги муносабатлар. Ҳамкасбим Садир Нургўжаевичга шахсан қўллаб-қувватлагани учун алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман. Чегара масалаларида ҳам унинг сиёсий иродаси бўлмаганида, натижага эришмаган бўлардик. Аввалгидек: «Ҳа, биз буни қиламиз, лекин эртага ва эртага …»дейиш мумкин эди, аммо «эртага» 30 йил ўтди ва биз бу муаммоларни ҳал қилмадик. Шунинг учун, айниқса, Қирғизистон Президентига яна бир бор ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман», деди Ўзбекистон раҳбари учрашувда.