Чимкентда Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларининг учрашуви бўлиб ўтди

Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Токаев икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга доир муҳим масалаларни муҳокама қилди.

Икки давлат раҳбарлари саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика каби турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Учрашувда аввал эришилган олий даражадаги келишувларга мувофиқ ҳамкорлик лойиҳаларини жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди. Давлат раҳбарлари икки мамлакат Бош вазирлари ўринбосарлари, махсус ишчи гуруҳлар ҳамраисларининг имзоланган келишув ва қарорлар ижроси юзасидан ҳисоботларини тингладилар.

Президентлар минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар ва бўлажак тадбирлар жадвалини ҳам муҳокама қилдилар. Дўстона ва очиқ руҳда ўтган учрашувда икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қиладиган амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича аниқ топшириқлар берди.