Давлатлар ва Ўзбекистон Россияга қарши санкцияларга риоя қилишни муҳокама қилмоқда

Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон Республикаси Россия Федерациясига қарши санкцияларга риоя қилиш бўйича доимий музокаралар олиб бормоқда, бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги янги элчиси Жонатан Хеник 17-ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Ноябрь ойи бошида The Financial Times нашри Ўзбекистон Европа Иттифоқидан келиб чиқиши ўзбек бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмоновга нисбатан санкцияларни бекор қилишни сўрагани ҳақида хабар берган эди. Нашрнинг ёзишича, Ўзбекистон томонига кўра, чекловлар гўёки тадбиркорнинг мамлакат иқтисодиётига сармоя киритишига тўсқинлик қилмоқда.

«Ушбу санкциялардан мақсад президент Путинни жазолаш ва Украинадаги тажовузкор ва ноқонуний фаолияти туфайли унинг уруш машинасига «ёқилғи» қўймаслигини таъминлашдир», деди Жонатан Хеник.

«АҚШ Украина мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди, худди биз Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватласак. Мамлакатлар ушбу халқаро меъёрларни бузса, жиддий оқибатларга олиб келиши мутлақо аниқ. Албатта, биз Ўзбекистон ҳукумати билан бу санкцияларни амалга ошириш бўйича доимий музокаралар олиб борамиз», — деди дипломат.

Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Ўзбекистон «Россия билан узоқ йиллик яқин иқтисодий алоқаларга эга» ва мамлакат «жуда оғир географик мавқега» эга эканлигини тушунади.

«Биз бу санкцияларни амалга ошириш бўйича ҳукумат билан бўлган ажойиб ҳамкорликни ривожлантириш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қилаётганимизга ишонч ҳосил қилмоқчимиз… Афсуски, мен аниқ санкциялар ёки аниқ шахслар ҳақида батафсил маълумот бера олмайман», деди элчи.

АҚШнинг Тошкентдаги аввалги элчиси Дэниел Розенблюм сентябр ойида Ўзбекистон ҳукумати Россияга қарши санкцияларга амал қилишга тайёрлигини эълон қилгани ва уларни четлаб ўтувчи давлатга айланиш ниятида эмаслигини таъкидлаган эди. У, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати АҚШ билан санкциялар режими бўйича маслаҳатлашгани ҳақида хабар берди.