Доҳадаги йиғилиш иштирокчилари Афғонистондаги муаммоларни ҳал этишнинг устувор йуналишларини муҳокама қилдилар

БМТ Бош котиби томонидан чақирилган Афғонистон бўйича Доҳа йиғилиши иштирокчилари терроризм, наркотик моддалар контрабандаси, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишнинг устувор йуналишларини муҳокама қилди.

Томонлар устуворликлари турлича, лекин айтилган муаммолар ўзаро боғлиқ ва уларни биргаликда ҳал қилиш керак, деди БМТ раҳбари Доҳадаги матбуот анжуманида. Айниқса, терроризм, инсон ҳуқуқлари муҳим.

Учрашув иштирокчилари, Антониу Гутерриш таъкидлаганидек, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва ушбу мамлакат билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш имконини берадиган умумий стратегияни ишлаб чиқиш зарурлиги ҳақида келишиб олдилар.

«Бу мақсадга эришиш учун биз тарқоқликдан қочишимиз керак», – дея огоҳлантирди БМТ раҳбари. «Кўпчилик янада самарали ҳамкорлик зарурлиги ҳақида гапирди ва ўтган тажрибалардан ўрганишга чақирди.»

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Бош котиб таъкидлаганидек, мавжуд минтақавий платформалар ва ташаббусларни ўз фаолияти билан тўлдирган ҳолда, Афғонистон халқи тараққиётига эришиш йулида мамлакатларни бирлаштиришда давом этади.

“Бир қатор маслаҳатлашувлардан сўнг мен [Афғонистон бўйича] янги учрашув ўтказишга тайёрман”, — дея қўшимча қилди у.

БМТ раҳбари Афғонистон айни дамда дунёдаги энг йирик гуманитар инқирозни бошидан кечираётгани – бу мамлакат аҳолисининг учдан икки қисми, 28 миллион киши жорий йилда фавқулодда ёрдамга муҳтож эканини эслатди. Афғонларнинг 97 фоизи қашшоқлик чегарасида яшайди. Мамлакатнинг олти миллион аҳолиси “очликдан бир қадам нарида”. Шу билан бирга, Гутерришнинг сўзларига кўра, БМТ жорий йилда афғонларга ёрдам бериш учун сўралган 4,6 миллиард долларнинг атиги 6,4 фоизини олган.

«Аммо молиялаштириш ягона муаммо эмас», деб давом этди у. “Мамлакатда ҳаётий ёрдам кўрсатаётган ходимларимизнинг аксарияти Афғонистон фуқаролари, кўпчилиги аёллардир. Афғон аёлларининг БМТ ва халқаро ноҳукумат ташкилотлардаги фаолиятига қўйилган тақиқ қабул қилиниши мумкин эмас ва одамлар ҳаётини хавф остига қўяди”.

Унинг таъкидлашича, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳеч қандай шароитда «қизлар ва аёллар ҳуқуқларига мисли кўрилмаган, тизимли ҳужумлар» олдида турмайди.

Афғонистоннинг де-факто ҳокимияти, “Толибон” ҳаракати вакиллари билан учрашиш имконияти ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Бош котиб шундай деди: “Вақти келганда, албатта, бундай имкониятни рад этмайман. Аммо бугун ўша дақиқа келмади.»