Дунё Омбудсманлари рақамли маконда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни муҳокама қилдилар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий институтлар глобал алянсининг йиллик йиғилишида иштирок этди.

10-март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар глобал алянсининг (ИҲМГА) йиллик йиғилишида иштирок этди. У ИҲМГАларнинг ўз ваколатлари ва функцияларини бажаришда янги технологиялардан фойдаланиш бўйича билим ва илғор тажрибаларини алмашишга бағишланди.

Тадбир иштирокчилари бошқа давлатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларининг мурожаатлар билан ишлаш, ўсиб бораётган рақамли тафовутга қарши курашиш ва рақамли маконда инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш бўйича тажрибаси билан танишиш имконига эга бўлдилар.

Йиғилишда хорижий давлатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларининг юздан ортиқ вакиллари иштирок этди. Хусусан, Корея, Колумбия, Аргентина, Конго, Ливия, Арманистон, Испания ва бошқа мамлакатлардаги Омбудсман идоралари ва инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа миллий институтлар вакиллари рақамли асрда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

Ўзбекистонда жамоатчилик назоратини амалга оширишда рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш, хусусан, Омбудсман томонидан ижтимоий тармоқларда қонун бузилиши билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш бўйича ишларни ҳудудий вакиллар ёрдамида ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, Феруза Эшматова COVID-19 пандемиясига қарамай, Омбудсман ва унинг ходимлари ёзма мурожаатларни кўриб чиқиш билан чекланиб қолмай, республиканинг барча ҳудудларида мониторинг ташрифлари амалга оширилганини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 2020-йилда Париж тамойилларига мувофиқ Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Глобал алянс томонидан аккредитатсиядан ўтган ва “Б” мақомига эга бўлган эди.