ЕТТБ Ўзбекистондаги 118 насос станциясини модернизация қилиш учун кредит ажратди

2027-йилгача Ўзбекистоннинг учта вилоятида 118 та насос станцияси модернизация қилинади. Шу мақсадда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистонга салкам 200 миллион доллар миқдорида кредит ажратди.

Гап «Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги 118 та насос станциясини модернизация қилиш» лойиҳаси ҳақида бормоқда, уни амалга ошириш муддати тўрт йилни ташкил этади. Бир неча кун аввал Ўзбекистон Президенти ўз фармони билан уни амалга ошириш бўйича қатор чора-тадбирларни тасдиқлаган эди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 247,5 миллион долларни ташкил этади, шундан 199,9 миллион доллари ЕТТБ томонидан ажратилган. Кредит 18 йилга, шу жумладан тўрт йиллик имтиёзли даврга берилади. Кредитни қайтариш харажатлари, шунингдек, фоизлар ва комиссиялар бюджет ҳисобидан қопланади.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун «вақтинчалик олиб кириш» божхона режимида рўйхатга олинган махсус техника, механизмлар ва технологик жиҳозлар божхона тўловлари ва солиқларни тўлашдан озод қилинади.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун масъул орган этиб Сув хўжалиги вазирлиги тайинланди. Шунингдек, бўлим кредит маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши, барча зарур кўрсаткичларга эришилишини таъминлаш учун масъул бўлади. Улар орасида:

  • фойдаланилмаётган 30 минг гектар ер майдонларини қайта муомалага киритиш;
  • 57 минг гектар ернинг сув таъминотини яхшилаш;

  • 4500 та ёрдамчи хўжаликларнинг барқарор сув таъминотини йўлга қўйиш;

  • 287 миллион квт/соат электр энергиясини тежашни ташкил этиш.

Ҳужжатда лойиҳа бўйича маҳсулот ва хизматларнинг 20 фоизи маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилиниши белгиланган. Фармон ижросини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев зиммасига юклатилди.