Европа комиссияси вице-президенти Валдис Домбровскис Ўзбекистонга ташриф буюради

Яқинда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Европа давлатлари ва Европа Иттифоқи институтлари билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Ойбек Шахавдинов ва Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари, элчи Шарлотта Адриан ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Муҳокама чоғида Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик, уни ривожлантириш истиқболлари, жумладан, икки томонлама ва минтақалараро фаолият масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, яқин орада Ўзбекистонга Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Директорлар кенгашининг 17-19 май кунлари бўлиб ўтадиган йиллик йиғилишида иштирок этадиган Европа комиссияси вице-президенти Валдис Домбровскис ҳам келади.

Учрашув якунида Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича қўшма тадбирлар ташкил этишни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.