Финляндия Ўзбекистонга янги элчи тайинлади

19 апрел куни Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов Финляндия Республикасининг қароргоҳи Хелсинки шаҳрида бўлган янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Илкка Райзаненни қабул қилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ўринбосари ишонч ёрлиқларини қабул қилар экан, элчини юқори ва масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклади, унга муваффақиятлар тилади.

Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

“Ўзбекистон ва Финляндия ўртасида иқтисодий дипломатияни, жумладан, ўзаро савдо миссияларини ташкил этиш, қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш, икки давлат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йулга қўйиш орқали фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди. Таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди.

Ўзбекистонда Финляндия олий ўқув юртларининг филиалларини очиш, “икки томонлама диплом” бериш дастурларини жорий этиш юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, турли даражадаги бўлажак қўшма тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.